ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишни тезлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди.
Лойиҳа айрим қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Нима ўзгаради?
Ҳуқуқни эътироф этишга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилади;
Маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш тартиби аниқлаштирилади;
Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тан олиш учун бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти жорий этилади;
Шикоятларни кўриб чиқиш механизми такомиллаштирилади.
Лойиҳада “солиқ қарздорлиги” атамасига аниқ таъриф киритилмоқда. Унга кўра ер участкаси бўйича — ер солиғи қарзи, бинолар ва иншоотлар бўйича — мол-мулк солиғи қарзи ҳисобга олинади.
Бунда солиқ қарздорлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошган қисми сифатида белгиланмоқда.
Таъкидланишича, мазкур нормалар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни расмий тан олишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга таъминлашга қаратилган.