ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида айрим қилмишлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Қонун лойиҳасида қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда:
телекоммуникация тармоқлари ва интернетда уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузиш;
гаровга қўйилган мулкни ишониб топширилган шахс томонидан қонунга хилоф тасарруф этиш (оз ёки кўп бўлмаган миқдорда);
ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш;
шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни ОАВ ва интернетда тарқатиш.
Лойиҳа мазкур ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни аниқ белгилашни назарда тутади.
"Интернет безорилиги учун жавобгарлик бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига 1-қўшимча билан, ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиш, камситиш, жамоат ва фуқаролар осойишталигини бузадиган ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар учун 5 миллион сўмгача жарима ёки 10 сутка қамоқ белгиланмоқда", — дея маълум қилди депутат ва "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров.