Ижтимоий реестрдагиларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тартибини белгилади. Ариза бериш ва тўлов миқдори аниқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланди. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низомга кўра, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза давлат хизматлари маркази, ижтимоий ходим ёки “ЯМИҲ”, ЯИДХП ва “Ижтимоий карта” иловаси орқали берилади. Ҳар бир оила ойига бир марта мурожаат қилиши мумкин.
Ойнинг 16-санасигача берилган аризалар шу ойда, 16-санадан кейин берилганлари эса кейинги ойда кўриб чиқилади.
Рад этиш учун асослар бўлмаса, нафақа ёки моддий ёрдам ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойдан бошлаб “Ягона реестр”да автоматик тарзда тайинланади ва тўланади.
Тўловлар оиланинг тоифасига қараб амал қилади:
“давлат таъминотидаги оила” ва “камбағал оила” — ушбу тоифада бўлиб турган даврида;
“камбағаллик чегарасидаги оила” — ушбу тоифага киритилган ойдан кейинги 6 ой давомида.
Агар оила “давлат таъминотидаги” ёки “камбағал” тоифасидан “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига ўтказилса, қўшимча аризасиз болалар нафақаси ёки моддий ёрдам қуйидаги миқдорда тайинланади:
— ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,25 бараваригача бўлса — қонунчиликда белгиланган миқдорнинг 75 фоизи;
— 1,25 бараваридан 1,5 бараваригача бўлса — қонунчиликда белгиланган миқдорнинг 50 фоизи.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўмни ташкил этади.
Оилаларни камбағал ва давлат таъминотидаги тоифаларга ажратиш тартиби белгиланди