ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Россия 2026–2030 йилларга мўлжалланган миграция сиёсати концепциясини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов РИА Новостига маълум қилди.
Ерхов Ўзбекистон ТИВ ўринбосари Олимжон Абдуллаев билан учрашувда меҳнат миграциясини такомиллаштириш ва ўзбекистонликларнинг Россияда қонуний меҳнат фаолияти учун шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон томони миграция текширувларида фуқаролар ҳуқуқи ва қадр-қиммати таъминланиши муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда концепциянинг асосий қоидалари тақдим этилди. Россия президенти Владимир Путин 2025 йил 15 октябрда ушбу ҳужжатни тасдиқлаган. Унда хорижий ишчиларга эҳтиёж сабаб меҳнат мигрантлари сони 2030 йилгача ўсиши қайд этилган.
Шунингдек, Алексей Ерхов ижтимоий тармоқлар ва ОАВда учрашув “гиламга чақирув” тарзида талқин қилингани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг айтишича, бу каби изоҳлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Дипломат Ўзбекистон томони билан конструктив мулоқот йўлга қўйилганини ва учрашув одатий ишчи тартибда ўтганини таъкидлади.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил январь-сентябрда хорижга ишлаш учун кетган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,86 млн нафарни ташкил этди. Шундан қарийб 70 фоизи — 1,3 млн нафари Россия ҳиссасига тўғри келади.