ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ва авиация корхоналарини трансформация қилиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Таклифга кўра, Навоий халқаро аэропорти "Uzbekistan Airports"нинг марказлашган бошқарувидан ажратилиб, маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ва техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга бўлади.
Аэропорт даромадлари инфратузилмани модернизация қилишга йўналтирилиб, авиация хизматлари экспортини ошириш кўзда тутилган.
Бизнес-режага мувофиқ, тижорат ва ноавиацион фаолият 50 фоизга оширилади, 25 дан ортиқ авиакомпаниянинг доимий парвозлари йўлга қўйилади, қайта ишланадиган юк ҳажми 20 минг тоннадан оширилади.
Ҳудудда ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишга ихтисослашган "порто-франко" эркин божхона зонаси ташкил этиш таклиф қилинди. 2029 йил 1 январгача махсус техника ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади. Аэропорт ҳудудидаги меҳмонхона ҳам унинг тасарруфига ўтказилади.
Трансформация доирасида энергия тежовчи технологиялар ва электр транспорт воситаларини жорий этиш, ташкилий тузилмаларни қайта кўриб чиқиш, штатларни мақбуллаштириш, халқаро кредит рейтингини ошириш, IPO ва корпоратив облигациялар чиқариш режалаштирилган.
2026 йилдан "Uzbekistan Airways" ва "Uzbekistan Airports" томонидан носоҳавий фаолиятни молиялаштириш тўхтатилади. Уларнинг фаолияти тегишлича 16 ва 18 устувор вазифа асосида йўлга қўйилади.
Шунингдек, Фуқаро авиацияси университети ва авиация техникумини ташкил этиш ишлари кўриб чиқилди. Таълим муассасалари АҚШнинг Embry-Riddle ва Франциянинг ENAC марказлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилиб, учувчи, муҳандис, диспетчер ва техник мутахассислар тайёрланади.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга топшириқлар берди.