“Янги банк” омонатчиларига компенсация тўловлари бошланди

Тугатилаётган “Янги банк” омонатчиларига компенсация тўловларини амалга ошириш бошланди. Жами 31507 нафар омонатчига 208 миллиард сўм тўланиши режалаштирилган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Тугатилаётган “Янги банк” омонатчиларига Бизнесни ривожлантириш банки орқали компенсация тўловларини амалга ошириш жараёни бошланди. Бу Омонатларни кафолатлаш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Омонатчилар реестри Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан Агент-банк — Бизнесни ривожлантириш банкига тақдим этилган. Кафолатланган омонатлар бўйича 31 507 нафар омонатчига жами 208 миллиард сўм миқдорида компенсация тўланиши режалаштирилган.
Реестр банк омонатчиларининг 98,7 фоизини қамраб олган. Омонатчилар тоифасига кўра:
жисмоний шахслар — 31 327 нафар, 205 миллиард сўм;
юридик шахслар — 126 нафар, 2,9 миллиард сўм;
якка тартибдаги тадбиркорлар — 54 нафар, 261 миллион сўм.
Компенсация тўловларини олиш тартиби қуйидагича:
жисмоний шахслар “BRB” мобил иловаси орқали онлайн ёки банк хизматлари марказларида нақд пул шаклида;
якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар банкка ташриф буюриб, BRBда ҳисобварақ очиш ёки бошқа банкдаги ҳисобвараққа ўтказиш орқали олишлари мумкин.
Омонатчилардан компенсация тўловларини амалга ошириш учун ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмайди. Фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш, шахсий ва банк маълумотларини бегона шахсларга бермаслик сўралган.
Тўловлар асоссиз кечиктирилган ҳолатларда Омонатларни кафолатлаш агентлигига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди.
"Янги банк" фаолияти тугатилади — омонатчиларга маблағлар қайтарилади