ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан мактабларда соғлом овқатланишни йўлга қўйиш бўйича илк глобал тавсиялар эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
ЖССТ раҳбарияти фикрича, умумтаълим муассасаларида соғлом овқатланишни таъминлаш келгусида кўплаб касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тавсияларда мактабларда шакар, туз ва трансёғлар каби зарарли маҳсулотлар истеъмолини камайтириш, аксинча мева-сабзавот, ёнғоқ, дон ва дуккакли маҳсулотлар улушини ошириш зарурлиги қайд этилган.
Ташкилот ушбу қўлланмани амалиётга жорий этишда давлатларга техник кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда болалар ўртасида ортиқча вазн ва семириш ҳолатлари кескин ортиб бормоқда. 2025 йилда илк бор болалар ўртасида семириш кўрсаткичи озғинликдан анча юқори бўлди. Ҳар ўнинчи бола семиришдан азият чекмоқда, 391 миллион нафар бола ва ўсмир ортиқча вазнга эга.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб ошхоналарида ўқувчилар соғлиги учун зарарли маҳсулотлар тайёрланиши ва сотилиши тақиқланган.