ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ҳудудларда қуриладиган дастлабки 100 та бассейн учун харажатларнинг 50 фоизигача, аммо 100 миллион сўмдан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Ҳукумат қарори билан тегишли регламент тасдиқланди.
Маблағлар 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача ажратилади.
Талабгор қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:
солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
фаолияти вақтинча тўхтатилмаган бўлиши;
суд қарори билан тўловга қобилиятсиз деб топилмаган бўлиши.
Ариза Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига берилади.
Қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси;
сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш учун тузилган пудрат шартномаси нусхаси;
шартномага асосан тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат нусхалари.
Қарор қабул қилинганидан сўнг 10 иш куни ичида маблағлар талабгор ҳисобварағига ўтказилади..