Бош прокуратура: 1,2 мингдан зиёд кишига сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган

Бош прокуратурага кўра, 8 ҳудудда 1 200 дан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган. Уларнинг 3 нафари содир этган ЙТҲ оқибатида вафот этган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Саккизта вилоятда 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Ҳолатлар Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таҳлилларга кўра, сохта гувоҳнома олган 455 нафар шахс 1 305 марта ЙҲҚни бузган. Уларнинг 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси содир этган, оқибатда 6 нафар тан жароҳати олган, 3 нафар вафот этган.
Ҳозирда сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган ҳужжатлар текширилмоқда. Бош прокуратура сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланганини эслатди.
Автомактабларда назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади