Автомактабларда назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади

© Sputnik / Виталий Белоусов / Медиабанкка ўтишТеоретические и практические занятия в автошколе ДОСААФ
Теоретические и практические занятия в автошколе ДОСААФ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.10.2025
Oбуна бўлиш
А ва B тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда назарий билим олиш мажбурий бўлмайди. Уни мустақил ўзлаштириш мумкин.
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Ўзбекистонда 2026 йил 1 февралдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқув дастурининг назарий қисмини ўрганиш шартлиги бекор қилинади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 25 октябрдаги қарори билан белгиланди, деб хабар берди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ).

“2026 йил 1 февралдан бошлаб А ва B тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади, бунинг учун автомактабларда ўқиш мажбурий бўлмайди”, - дейилган хабарда.

Бунда талабгорлар:
ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;
мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни автомактабларда тўлиқ бажаради;
амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;
амалий машғулотлардан ўтгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан эътиборан А ва В тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.
3 ой муддат ичида йўл ҳаракати қоидалари, транспортни бошқариш хавфсизлиги ва бошқа йўналишлар бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашувчи электрон ўқув материаллари ишлаб чиқилиши лозим. Бу материаллар барча учун очиқ бўлади.
Қарорга асосан, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун ўқитиш ва имтиҳонларни топшириш бўйича алоҳида тартиб жорий этилиши ҳам белгиланди. ИИВ бу тартибни 2 ой ичида ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши керак.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан мопед ва скутерларни бошқариш учун А1 кичик тоифаси жорий этилади. Энг асосийси, А1 тоифасини олиш учун автомактабларда ўқиш шарт эмас, тўғридан-тўғри имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 1 апрелдан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўлларда ўлим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун янги жарима баллари тизими қандай ишлайди — видео - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.05.2025
Матбуот маркази
Ҳайдовчилар учун янги жарима баллари нега жорий этилди ва қандай ишлайди?
Янгиликлар лентаси
0