17,2 кг олтин ва 280 тонна руда: Навоийда ноқонуний олтин қазиб олувчи гуруҳ қўлга олинди

Ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний олтин қазиб олиш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган гуруҳдан 17,2 кг олтин ва кумуш қоришмаси ҳамда 20 кг ярим тайёр олтин мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан давлат захирасидаги ерларда ўтказилди. Гуруҳ солиқ, геология, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига зид равишда хорижий фуқароларни жалб этган ҳолда фаолият юритган.

Тадбир давомида таркибида олтин зарралари бўлган 250 кг бойитилган кўмир, 280 тоннадан ортиқ қум ва руда, 230 литр махсус кимёвий воситалар, олтин ажратишга мўлжалланган лаборатория жиҳозлари, газ баллонлар ва бошқа ускуналар ҳам ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Маълум қилинишича, олтинни ажратиб олиш учун сунъий яратилган 4 та ҳовуз кимёвий воситалар билан тўлдирилган, 1 гектар ер саноат ишлаб чиқариш майдонига айлантирилган.
Гуруҳга Кармана туманидаги спорт йўналишидаги МЧЖ раҳбари бошчилик қилган.
Ҳозир ашёвий далиллар экспертизага юборилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ: Тошкент вилоятидаги хонадонларда 17,5 тонна қимматбаҳо металлли қум-тош аниқланди