Тарифни бепул ўзгартириш, пулли хизматларга чеклов: мобил алоқа қоидалари янгиланди

Ўзбекистонда мобил алоқа қоидалари янгиланди: тариф ўзгариши ҳақида 15 кун олдин огоҳлантириш мажбурий бўлди, рақамни кўчириш 20 дақиқага қисқартирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистонда эндиликда абонентлар мобил алоқа тариф режасини исталган бошқа тарифга бепул алмаштира олади. Бу норма 26 январь куни давлат рўйхатидан ўтган Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририда белгиланди.
Янги қоидаларга кўра:
Шахсий ҳисобда маблағ етарли бўлмаса, рақамни “мавжуд эмас” ҳолатига ўтказиш муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.
Мобил алоқа операторлари тариф шартларини ўзгартирса, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин ОАВ, расмий сайт ёки СМС орқали хабардор қилинади.
Хизмат кўрсатиш пунктига бора олмайдиганлар учун яшаш жойига бориш ва олис ҳудудларда сайёр хизмат йўлга қўйилади.
Абонент розилигисиз аввал бепул бўлган хизматларни пулли қилиш тақиқланади.
Тариф бўйича тўлов ечишда ҳисобни манфий ҳолатга туширишга йўл қўйилмайди.
Рақамни бошқа операторга кўчириш эндиликда 8 соатда эмас, 20 дақиқада амалга оширилади.
Контент хизматлари бўйича ҳам янги тартиб жорий этилди:
Пулли хизматлар фақат мобил илова ёки USSD орқали фаоллаштирилади.
Розиликсиз хизматларни автоматик улаш тақиқланади.
Контент провайдерлар тақдим этадиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлади.
Ушбу ўзгаришлар 3 ойдан кейин кучга киради.
Рақобат қўмитаси мобил операторларнинг нархларни ошириш ҳолатларини ўрганишни бошлади