ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди
Учрашувда Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасининг амалий жиҳатлари ва атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йил октябрда кам қувватли биринчи реактор биноси учун пойдевор ишлари бошлангани қайд этилди. Ҳозирда станцияни лойиҳалаштириш давом этмоқда.
Шунингдек, Тошкентда "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети филиали негизида атом энергетикаси ва ядро технологиялари бўйича муҳандислик мактаби ишга туширилгани таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда ядро технологияларини қўллаш, кадрлар тайёрлаш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
"Росатом" матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда атом станциясини қуриш босқичлари муҳокама қилинди. Алексей Лихачёвнинг таъкидлашича, лойиҳа жадвалга тўлиқ мос ҳолда юқори суръатларда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг асосий вазифаси — ядровий орол бинолари пойдевор плитаси асосига бетон қуйиш ишларига ўтиш бўлиб, бетон тайёрлашни баҳордан бошлаш режалаштирилган.
Маълумот учун: "ядровий орол" реактор ва унинг хавфсизлик тизимлари жойлашган, станциянинг энг муҳим қисми ҳисобланади.