ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. 26 январь – Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қутловда мустақиллик йилларида божхона органлари Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва давлат чегаралари дахлсизлигини мустаҳкамлашда ишончли таянч бўлиб келаётгани таъкидланди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш, бюрократия ва инсон омилини камайтириш, ноқонуний товар айланмаси ҳамда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар муомаласига қарши курашиш, хавфларни олдиндан таҳлил қилиш ва расмий импортни кенгайтириш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Табрикда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик шароитида божхона тизими масъулияти ва самарадорлигини ошириш устувор вазифа экани қайд этилди.
Давлат раҳбари божхоначиларга масъулиятли ва шарафли хизматида янги зафарлар тилади.