Экологияни бузганлар учун жарималар: қонун лойиҳаси қабул қилинди

Қонунчилик палатаси атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатда дарахт кесиш, чиқиндиларни ёқиш ва ҳавони ифлослантириш учун жарималар назарда тутилган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди ва белгиланган тартибда Сенатга юборилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга кўра, табиатга зарар етказадиган қатор ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга молиявий жарималар қўлланади. Жумладан:
дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш;
сувни ифлослантириш;
дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш;
атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқариш;
қурилиш майдонларида чанг ва қум тарқалишини бартараф этмаслик;
рухсат этилмаган жойларда чиқиндиларни ёқиш.
Шунингдек, иссиқхоналар, ишлаб чиқариш бинолари ва ёндириш ускуналарида шиналар, битум, мазут, плёнка, резина ва шунга ўхшаш зарарли чиқиндиларни ёқиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонун лойиҳасида саноат ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш жараёнларида экологик талабларга риоя этмаслик учун ҳам молиявий санкциялар жорий этилиши назарда тутилган.
Тошкент вилоятида полиэтилен ёқиб, экологияга зарар етказган корхона фаолияти тўхтатилди