Истанбулдаги чиқиндихонадан Ўзбекистон aёлнинг бошсиз жасади топилди

Истанбулдаги чиқиндихонадан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди. Маълумотларга кўра, қотилликда унинг яқин таниши бўлган ўзбекистонлик эркак ҳамда унга ёрдам берган шахс гумон қилинмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон фуқаросининг боши танасидан жудо қилинган жасади Истанбулнинг Шишли туманидаги ахлат қутисидан топилди. Бу ҳақда Туркиянинг Milliyet газетаси хабар берди.
Мазкур ҳолат ҳақида Туркиянинг яна бир қатор оммавий ахборот воситалари ҳам маълумот тарқатди.
Нашр маълум қилишича, Шишли туманида қоғоз йиғаётган шахс ахлат қутиси ичида чойшабга ўралган аёл жасадини аниқлаган. Ҳодиса жойига полиция етиб келиб, ҳудудни ўраб олган. Кейинчалик терговга қотиллик жиноятларини тергов қилиш бўйича махсус гуруҳ жалб этилган.
Бармоқ излари орқали марҳуманинг шахси аниқланиб, у 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова экани маълум қилинган.
Маълумотларга кўра, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳозирча аёлнинг боши ва кесилган оёқлари топилмаган.
Шунингдек, гувоҳлар кўрсатмалари асосида воқеа жойида пайқалган гумонланувчилар юзасидан текширув бошланган. Контейнер ёнидан топилгани айтилган жомадон эса туманнинг Бўзқурт кўчасидан аниқланиб, кўздан кечирилган.

Туркия полицияси Разведка бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борган тезкор тадбирлар давомида қотилликда марҳуманинг яқин таниши, унинг севишгани бўлгани тахмин қилинаётган Ўзбекистон фуқароси гумонланаётгани маълум қилинган. Шунингдек, унга бир шериги ёрдам бергани ҳам гумон қилинмоқда.

Юзлаб кузатув камералари тасвирлари ўрганилгандан сўнг, икки нафар гумонланувчи Грузияга қочиш мақсадида аэропортга йўл олгани аниқланган. Улар 8 соатлик тезкор тадбирлардан сўнг, мамлакатни тарк этишга улгурмасдан қўлга олинган.
Таиланддаги катер ҳалокатида ўзбекистонликлар жабрланди