Тинчлик кенгаши низоми тасдиқланди: Ўзбекистон таъсисчилар қаторида

Президент Шавкат Мирзиёев Давосда ўтган маросимда Тинчлик кенгаши низомини имзолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Швейцариянинг Давос шаҳрида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда таъсисчи давлатлар вакиллари Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Низом имзоланиши билан тузилма расман халқаро ташкилот мақомини олди.
Имзолаш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Илгарироқ у Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклифини қабул қилган эди.
Маросимда сўзга чиққан Дональд Трамп ушбу ташаббус бутун дунёда тинчликка эришиш умидини уйғотишини таъкидлаб, бундай натижани ўзининг “буюк мероси” деб баҳолади. Шунингдек, у Ғазо секторидаги можаро якунланиш арафасида эканини айтди ҳамда анклавни демилитаризация қилиш, унда самарали бошқарувни йўлга қўйиш ва ҳудудни қайта тиклашга эътибор қаратишини билдирди.
Маълум қилинишича, низомни АҚШ ва Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Аргентина, Озарбайжон, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Қозоғистон, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Косово, Покистон, Парагвай, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Мўғулистон имзолади.
Мирзиёев Швейцарияга етиб борди: Давосда халқаро учрашувлар режалаштирилган