ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Россия Давлат думаси мамлакатда меҳнат мигрантларига расмий маошидан ортиқ маблағни хорижга ўтказишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини рад этди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Давлат Думасининг молия бозори қўмитаси таклиф этилаётган ўзгаришлар тарқоқ хусусиятга эга эканини ва тартибга солишда жиддий бўшлиқларни қолдириши мумкинлигини қайд этган.
Таъкидланишича, ўтказилаётган пул маблағларининг расман тасдиқланган даромадларга мувофиқлигини назорат қилиш тартиби белгиланмаган, шунингдек, тақиқни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.
Россия ҳукумати ҳам қонун лойиҳасини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Хусусан, олинган даромадларнинг қонунийлигини тасдиқловчи декларацияни тақдим этиш ва ундаги маълумотларни текшириш механизмлари ишлаб чиқилмагани қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳукуматнинг фикрича, қонун лойиҳаси қоидаларини амалга ошириш ноқонуний меҳнат фаолиятига қарши қаратилган мақсадларга тескари таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, Россиядан, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга нақд рубль олиб чиқиш ҳажмини ошириш хавфи мавжуд.