ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Киевга гўёки бюджет эҳтиёжлари учун ажратилаётган 30 миллиард евро миқдоридаги кредит Владимир Зеленский ва унинг атрофидагилар томонидан талон-тарож қилинади, дея баёнот берди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.
Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 2025 йил охиригача Киевга маъқулланган 90 миллиард евролик кредитни икки қисмга бўлишни таклиф этган эди. Унга кўра, 60 миллиард евро ҳарбий харидлар учун, 30 миллиард евро эса бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши керак.
“Киев режимининг бюджет эҳтиёжлари нима? Биз буни аллақачон биламиз. Энди бу ҳақда бутун дунё ҳам билади. Урсула фон дер Ляйен бу пулларни ўғирлик учун Зеленскийга ажратмоқда”, — деди Захарова брифинг чоғида.
Унинг таъкидлашича, Киев режимини навбатдаги молиявий траншлар билан таъминлаш эмас, балки аввал ўғирланган маблағларни қайтариш масаласини кўтариш керак, аммо бу амалда имконсиз. Захаровага кўра, ҳатто янги маблағлар ажратилган тақдирда ҳам, харажатлар кўчкисимон ўсиб бораётган шароитда, жумладан, энергетикани тиклаш учун, Украина бюджети “тешик” ҳолатида қолаверади.
“Зеленский режимининг оғир молиявий аҳволи унинг Европадаги иттифоқчиларини умуман қизиқтирмайди. Улар учун қирғинни давом эттириш ва маблағларни қайта тақсимлашда иштирок этиш муҳим”, — деди Россия ТИВ расмий вакили.
Эслатиб ўтилишича, ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитида Украинага 2026–2027 йиллардаги молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун тахминан 90 миллиард евро миқдорида қўшма қарз ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ўшанда Белгия Россиянинг музлатилган активларидан ушбу мақсадларда фойдаланиш бўйича қарорни блоклаган.
Шу билан бирга, иқтисодиёт бўйича еврокомиссар Валдис Домбровскис Европа Иттифоқи март ойининг бошига қадар кредит бўйича келишувни якунлаш ва апрель ойида биринчи тўловларни бошлашга умид қилаётганини маълум қилди.