ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Низоми қабул қилинди.
Ҳужжатни Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон имзолаган.
1993 йилда МДҲга Озарбайжон ва Грузия, 1994 йилда эса Молдова қўшилди. 12 давлатдан иккитаси — Туркманистон ва Украина — Низомни ратификация қилмаган.
Киев Ҳамдўстликнинг асосий вазифасини иқтисодий ҳамкорлик деб баҳолаган, аммо “умумий маконлар” — тўлов, божхона ва валюта соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватламаган. Ашхобод эса бетарафлик сиёсати сабабли ҳужжатни ратификация қилмаган.
Низомга мувофиқ, барча аъзо давлатларнинг розилиги билан исталган мамлакат МДҲга аъзо бўлиши мумкин.
Ҳамдўстлик доирасида кейинчалик қатор интеграцион тузилмалар шаклланган. Жумладан, 1995 йилда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ), 2015 йилда эса Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ташкил этилган.
Грузия 2009 йилда МДҲдан чиққан, Украина эса 2018 йилдан де-факто Ҳамдўстлик фаолиятида иштирок этишни тўхтатган. Айни пайтда Молдова МДҲдан чиқиш ниятини билдирган.
Низомнинг 9-моддасига кўра, аъзо давлат чиқишдан камида 12 ой олдин ташкилотни ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Шу билан бирга, мамлакат МДҲда иштирок этган даврида юзага келган барча мажбуриятларини тўлиқ бажариши лозим.