Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланди

Уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ва давлат рўйхатидан чиқарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимининг “Ma'muriy amaliyot” модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади. Бу тартиб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштиришга оид қабул қилинган ҳукумат қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан қуйидаги тартиблар жорий этилади:
умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, кон, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, “антиквар” автомототранспортлар учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари берилади;
ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, бундай транспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади.
Шунингдек, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.
Автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади:
автомототранспорт олди-сотди шартномаси;
“Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари;
давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситаларига оид электрон ҳисоб-маълумотлар;
автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари.
Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин