Банк карта фақат ўзи ёки қариндошига бириктирилади, суткада 1 та онлайн кредит олиш мумкин

Низомга кўра, мобил иловада молиявий операцияни фақат шахснинг ўзи ёки яқин қариндошлари амалга ошира олади. Шунингдек, бир кунда фақат битта банкдан онлайн кредит олиш тартиби жорий этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистонда эндиликда мобил иловада фойдаланувчи аккаунтига фақат ўзи ёки яқин қариндошларига тегишли банк картаси, ҳисобварағи ва электрон ҳамённи бириктириб, P2P ўтказмаларини амалга ошириши мумкин бўлади. Тегишли низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу низом жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича минимал талабларни белгилайди.
Низомга мувофиқ, фойдаланувчининг телефон рақами ва ЖШШИРи мослиги текширилади. Агар мослик аниқланмаса, мобил иловада рўйхатдан ўтиш ва банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди.
Кредит ва тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларни биометрик идентификациядан ўтказишда ҳаётийлик факторларини аниқлаши шарт. Яъни, фақат расм орқали идентификация қилиш тақиқланади.
Телефон рақамига юборилган бир марталик SMS-код уч марта нотўғри киритилган тақдирда, фойдаланувчининг мобил иловадаги ҳаракатлари 15 дақиқага вақтинча чекланади.
Мобил иловадаги аккаунтга бошқа қурилмадан кирилганда ёки пароль қайта тикланганда, ушбу аккаунтга боғланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади. Шу билан бирга, ушбу қурилмада банк карталари бўйича молиявий операциялар тарихи ҳам ўчирилади.
Банк карталарини қайта бириктириш фақат биометрик идентификациядан ўтган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, низомга кўра, агар битта ЖШШИР бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит ташкилоти сўров юборса, кредит бюроси фақат биринчи бўлиб юборилган сўровга жавоб беради.
Агар биринчи сўров юборган кредит ташкилоти ушбу ЖШШИР бўйича онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилса, кредит бюроси мазкур ЖШШИР бўйича бошқа кредит ташкилотларидан 24 соат давомида сўров қабул қилинмаслиги ҳақида ахборот беради.
Фирибгарлик йўли билан фуқаро номига олинган онлайн кредит ушбу фуқародан ундирилмайди