Солиқ қоидабузарликлари ҳақидаги хабарлар учун фуқароларга қарийб 34 млрд сўм тўланди

“Солиқ ҳамкор” тизими орқали келиб тушган мурожаатлар асосида минглаб текширувлар ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. 2025 йилда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга 48 602 та ҳолат бўйича ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида жами 33,7 миллиард сўм мукофот тўланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Солиқ” мобил иловасидаги “Солиқ ҳамкор” тизими орқали жами 112 412 та мурожаат келиб тушган.
Қайд этилган ҳуқуқбузарликлар қуйидагиларни ташкил этган:
101 236 та — харидорга чек берилмагани;
4 185 та — тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик ҳолатлари;
236 та — пластик карта орқали тўловда харид суммасини сунъий ошириш;
6 755 та — бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлари.
Шу билан бирга, мурожаатларнинг 56 617 таси такрорий экани ёки шикоят тушган тадбиркорлик субъектида текширув жараёни давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган.
Келиб тушган мурожаатлар асосида 49 025 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган бўлиб, уларнинг 98,8 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланган.
ДХХ: Нукусда солиқчиларнинг тадбиркорга нисбатан тамагирликка уринишига чек қўйилди