Ўзбекистон ва ЕОИИ

Лавров: Арманистон бир вақтнинг ўзида ЕИ ва ЕОИИ аъзоси бўла олмайди

Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, бу масалада қарорни мамлакат халқи қабул қилиши керак.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Арманистон бир вақтнинг ўзида ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўла олмайди, танловни эса мамлакат халқи қилиши керак. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров матбуот анжуманида ОАВ вакили саволига жавобида таъкидлади.

"Мен бу мавзуни — Европа Иттифоқи ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласини — ҳамкасбим Арарат Мирзоян ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан охирги марта 2025 йил май ойида Ереванга ташриф буюрганимда бир неча бор муҳокама қилдим", — деди Сергей Лавров.

Таъкидланишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Европа Иттифоқининг ишлаш тамойиллари билан таниш бўлган ҳар қандай киши учун ЕОИИ аъзоси бўлиб туриб, Европа Иттифоқи стандартларига ўтиш мумкин эмаслиги аён.

"Бу шунчаки техник жиҳатдан имконсиз. Улар нафақат савдо ва инвестиция соҳаларида бир-бирига мос келмайдиган турли нормалар қўллаётгани учун, балки Европа Иттифоқи Брюссели Арманистоннинг меъёрий-ҳуқуқий базасини ўз стандартларига мослаштириш ғоясини қатъий илгари сураётгани учун ҳам бир-бирига тўғри келмайди", — деди Россия ТИВ раҳбари.

Лавров, шунингдек, Арманистон иқтисодиётининг сўнгги ўн йилдаги ўсиш кўрсаткичларига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Арманистон 2015 йилда ЕОИИнинг тўлақонли аъзосига айланган пайтда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 10,5 миллиард доллар бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 26 миллиард долларга етган.
Таъкидланишича, иттифоқ доирасида арман товарларининг аъзо давлатлар бозорларига кириши натижасида Арманистон ташқи савдо айланмаси, аввало Россия билан, рекорд даражага етган. Ҳозирда бу кўрсаткич 14 миллиард долларга тенг бўлиб, бундай ҳолат аввал кузатилмаган.
"Бу статистикани келтиришимнинг сабаби шундаки, сиз Европа Иттифоқи аъзолари билан ҳамкорликка интилиш ЕОИИ билан муносабатларни давом эттириш билан қандай боғлиқ эканини сўрадингиз", — деди у.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Россия ва Арманистон ўртасидаги темир йўл қатнови ЕОИИ бозорлари имкониятини оширади
ЕОИИ

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.