Ўзбекистон делегацияси Эрдоған ва Туркия хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан учрашди

Туркияга амалга оширилган ташриф доирасида хавфсизлик, ташқи сиёсат ва глобал жараёнлар бўйича ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Туркияга амалга оширилган ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған томонидан қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон–Туркия муносабатлари изчил ва ижобий ривожланаётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркиянинг ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик идоралари раҳбарлари иштирокида “4+4” механизми доирасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, минтақавий ва глобал жараёнлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда дунёда мисли кўрилмаган геосиёсий ўзгаришлар юз бермоқда ва ривожланаётган мамлакатлар янги синовларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўллари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунларига кўра, яқин истиқболга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ўзбекистон–Туркия қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши ўтказилди