ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Лойиҳада "ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси" принципи жорий этилмоқда. Унга кўра, давлат органи қарор ёки ҳужжатига ишониб, виждонан ҳаракат қилган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, давлат органи хатоси учун ҳалол фаолият юритган шахс жавобгар бўлмайди.
Шунингдек, маъмурий суд ишларида дастлабки эшитув институти жорий этилиб, суд муҳокамасигача далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ва тарафларни келиштириш имконияти яратилади.
Давлат органлари мансабдор шахсларининг суд мажлисларида мажбурий иштироки белгиланади ва асоссиз сабаблар билан судга келмаган мансабдорларга нисбатан жарима қўллаш назарда тутилмоқда. Бу суд жараёнларида очиқлик ва тортишувни кучайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, судга ҳурматсизлик қилганлик ёки суд ҳужжатларини ижро этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати бевосита маъмурий судларга берилади.