ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. “Ўзметкомбинат” АЖ 834 миллион долларлик инвестициялар ҳисобига қуюв-прокат мажмуаси қурилишини якунлади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
"Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида қуюв-прокат мажмуасини қуриш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 1295 та янги иш ўрни яратилди" - дейилади хабарда.
Янги мажмуа йилига 1 миллион тоннадан ортиқ иссиқ прокатланган пўлат лист ўрамларини ишлаб чиқариш имконини беради.
Мажмуа қурилиши 2018 йил август ойида бошланган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишига мувофиқ, мажмуа иссиқ ҳолда прокатланган листнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини икки бараварга, яъни 2,1 миллион тоннагача ошириш имконини беради.
Асосий технологик линияларни етказиб берувчи Италиянинг "Даниели" компанияси бўлиб, лойиҳани молиялаштириш "Ўзметкомбинат"нинг ўз маблағлари, шунингдек, хорижий кредитлар ҳисобидан амалга оширилди.
"Узметкомбинат" построил литейно-прокатный комплекс мощностью более 1 млн тонн
© АО "Узметкомбинат"
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, мажмуа ишга тушириш билан мамлакат чет элдан металл маҳсулотлари сотиб олишни сезиларли даражада қисқартириши ва тўлиқ ўзини ўзи таъминлашга ўтиши мумкин.
Барча маҳсулотлар қатъий халқаро стандартларга жавоб беради: листларнинг қалинлиги 1,4 милиметрдан 12 миллиметргача, эни эса 80 сантиметрдан 1,3 метргача бўлади. Ушбу параметрлар корхонанинг экспорт имкониятларини кенгайтириб, маҳсулотларни жаҳон бозорида рақобатбардош қилади.
"Ўзметкомбинат" АЖ Ўзбекистондаги энг йирик қора металлургия корхонаси бўлиб, металл парчаларида ишлайди. Комбинат 1944 йилда ишга туширилган.