ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобидан ҳайвонот дунёсининг 30 турини чиқариш, 189 тур ва кенжа турни 6-нашрга киритиш, шунингдек 48 турнинг муҳофаза мақомини ўзгартириш тавсия қилинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита мажлисида Қизил китобнинг 6-нашри учун киритилиши таклиф этилаётган ёввойи флора ва фауна турлари рўйхати муҳокама қилинган. Қайд этилишича, ҳайвонот дунёсидан 13 тур илк бор Қизил китобга киритилади.
Шунингдек, ўсимликлар дунёси бўйича ҳам ўзгаришлар режалаштирилган. Хусусан, амалдаги 5-нашрга 314 тур киритилган бўлса, янги маълумотлар асосида 21 турни рўйхатдан чиқариш, шу билан бирга 317 тур ва кенжа турдаги ўсимликларни 6-нашрга киритиш таклиф этилмоқда. Уларнинг 24 тури биринчи марта Қизил китобга киритилади.
Турлар рўйхати дала илмий тадқиқотлари ва мониторинг натижалари асосида, Фанлар академиясининг Зоология ва Ботаника институтлари, маҳаллий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида тайёрланган.
Қизил китоб — Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвон турларининг расмий давлат рўйхати ҳисобланади. У Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 декабрдаги 1034-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ юритилади. 6-нашрни шакллантиришда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) мезонлари қўлланилди.