3 йилда 6,86 млн киши: Хитойда аҳоли камайиши рекорди янгилади — сабаблар ва статистика

Мамлакат статистика бюросига кўра, Хитой аҳолиси камайиб бормоқда: 2023 йилда у 2,08 миллионга, 2024 йилда 1,39 миллионга, 2025 йилда эса рекорд даражада — 3,39 миллион кишига қисқарган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Хитой давлат статистика бюроси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси 2025 йил охирида 3,39 миллион кишига камайиб, 1,404 миллиард нафарни ташкил этди.
Маълум қилинишича, ҳисоб-китобларда Гонконг, Макао ва Тайвань резидентлари инобатга олинмаган.
Туғилиш коэффициенти 5,63 промиллени ташкил этди, яъни йил давомида ҳар 1000 аҳолига ўртача 5,63 та туғилиш тўғри келади. Ўлим коэффициенти эса 8,04 промилле бўлди.
Жинслар нисбатида эркаклар аёллардан 28,81 миллион нафарга кўп:
эркаклар —716,85 миллион,
аёллар — 688,04 миллион киши.
Ёш таркибига кўра:
16–59 ёшдагилар — 851,36 миллион (умумий аҳолининг 60,6 фоизи),
60 ёш ва ундан катталар — 323,38 миллион (23 фоиз),
65 ёшдан юқори аҳоли — 223,65 миллион (15,9 фоиз).
Шаҳарлашув жараёни давом этмоқда:
2025 йилда шаҳар аҳолиси сони 953,8 миллион кишига етди ва бир йилда 10,3 миллионга ошди. Қишлоқ аҳолиси эса 13,69 миллионга камайди. Натижада шаҳар аҳолиси улуши 67,89 фоизни ташкил қилди.
Экспертларга кўра, ХХР аҳолининг қариши ва гендер номутаносиблиги каби жиддий демографик муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳолатга 1970 йиллар охирида жорий этилган "бир оила — бир бола" сиёсати ҳам таъсир кўрсатган.
Никоҳлар сони ҳам изчил камаймоқда: 2022 йилда мамлакатда атиги 6,8 миллион жуфтлик никоҳдан ўтган — бу 37 йил ичидаги энг паст кўрсаткич.
Сўнгги йилларда ҳукумат туғилишни рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Аввал иккинчи, кейин эса учинчи фарзанд кўришга рухсат берилди, шунингдек, болалар сонига оид жарималар бекор қилинди. Аммо бу чоралар ҳозирча аҳоли камайишини тўхтатгани йўқ, чунки кам фарзандли оила модели Хитой жамиятида одатий ҳаёт тарзига айланиб улгурган.
Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошди