ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. 17 январь куни соат 07:00 атрофида Навоий вилояти Томди туманида, “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан ўтган йўлда автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Навоий вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, А-379 “Навоий–Учқудуқ” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 189–190-километрлари оралиғида “ZHONG TONG BUS” русумли автобус “Навоий–Зарафшон” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган. Натижада автобус йўлнинг қарама-қарши томонига ағдарилиб, ЙТҲ содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган ва улар Зарафшон шаҳри тиббиёт муассасасига етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.