ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Теннис бўйича Австралия очиқ чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Полина Кудерметова асосий босқичнинг биринчи даврасида испаниялик рақибаси Де Реалесни икки сетда — 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, мусобақанинг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Камилла Раҳимова дунёнинг учинчи рақамли теннисчиси, америкалик Кори Гауффга қарши кортга чиқади. Улар 2025 йил 26 сентябр куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида учрашган бўлиб, ўшанда Раҳимова 6:4, 6:0 ҳисобида икки сетда мағлуб бўлган эди.
Полина Кудерметова ва Камилла Раҳимова аввал Россия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган, кейинчалик эса Ўзбекистон номидан халқаро мусобақаларда иштирок этишни бошлаган.
Маълумот учун, Австралия очиқ чемпионати теннисдаги тўртта “Катта шлем” турниридан бири бўлиб, ҳар йили Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтказилади ва дунёнинг энг кучли теннисчиларини жамлайди.