ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси - ташқи ишлар вазири Ван И билан телефон мулоқоти ўтказди. Бу ҳақда Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram канали орқали хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбат давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, минтақавий ҳамда халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган расмий баёнотга кўра, Ван И икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт ва савдо, маданият ҳамда субмиллий даражадаги алмашинувлар соҳаларида ҳамкорлик барқарор суръатларда кенгайиб бораётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Ван И 2026 йил бошидан буён халқаро вазият тобора нотинч тус олаётганини, уруш сояси пайдо бўлаётгани, айрим ҳолатларда бир томонлама безорилик кучайиб бораётганини қайд этган. Унинг таъкидлашича, бундай шароитда Хитой ва Ўзбекистон стратегик мувофиқлаштиришни кучайтириши ва стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириши зарур.
Баёнотда айтилишича, икки томон ўз ишларини пухта йўлга қўйиш, асосий манфаатларни ҳимоя қилишда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Шунингдек, Хитой ТИВ баёнотида томонлар халқаро ва минтақавий масалаларда яқин ҳамкорлик қилиши, кучлилар кучсизларни ўлжа қиладиган “чангалзор қонуни”га қарши туриши, халқаро муносабатларни тартибга солувчи асосий меъёрларни қўллаб-қувватлаши, БМТнинг етакчи ролини ҳимоя қилиши, халқаро адолатни таъминлаш ҳамда минтақавий тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани таъкидланган.
Ван И жорий йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик ўрнатилганининг 10 йиллиги нишонланишини эслатиб, томонлар яқин ўн йилликда икки томонлама муносабатларни биргаликда лойиҳалаштириш ва изчил ривожлантиришлари кераклигини билдирган.