ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Омск инновацион технологиялар заводи (ОмЗИТ) Бухорода иссиқлик таъминоти соҳаси учун мутахассислар тайёрлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти матбуот хизмати хабар берди.
ОмЗИТ Ўзбекистонда, жумладан Бухорода муҳандислик маркази ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни локализация қилиш ниятида. Шу мақсадда завод бош директори ўринбосари Дмитрий Бахта ва “Энергомаш” ижрочи директори Павел Атрамонов Бухорода бўлиб турибди.
Улар вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувда муҳандислик марказини ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, энергетика стратегияси доирасида таълим сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, сунъий интеллект асосида қозонларни бошқариш тизимларини модернизация қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Меҳмонлар Бухоро давлат техника университети, Бухоро шаҳар 1-сон техникуми ва “Бухороэнергомарказ” АЖ фаолияти билан танишди.
Якунда ОмЗИТ, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Бухоро давлат техника университети ҳамда Бухоро шаҳар 1-сон техникуми ўртасида иссиқлик таъминоти соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган муҳандислик марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Маълумотга кўра, 1997 йилда ташкил этилган, “Лаварт” бренди остида саноат қозонлари ва иситиш тизимлари ишлаб чиқарувчи ушбу корхона юқори энергосамарадор технологиялар асосида фаолият юритади. Заводда роботлаштирилган линиялар, лазер кесиш ва автоматик назорат тизимлари жорий этилган.