ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ва ташқи бозорларда мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Бу бўйича Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, тўқимачилик корхоналари иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларидан келиб чиқиб “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Шу асосда уларни қўллаб-қувватлашнинг манзилли дастури амалга оширилади.
Гаров сифатида тўлови тўлиқ амалга оширилган ёки корхонанинг ўзи етиштирган хомашё қабул қилиниб, корхоналарга 2 миллион долларгача кредит ажратилишига рухсат этилди.
Кредитлар Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ресурслари ҳисобидан ажратилади.
Шунингдек, соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг аввал олган тижорат кредитлари 7 йилгача узайтирилиши мумкин.
Пахта хомашёси хариди учун жалб қилинган кредитлар бўйича эса 2026–2027 йилларда январь–февраль ойлари учун белгиланган тўловлар кредит шартномасига мувофиқ охирги 6 ойга тенг тақсимлаб тўланиши белгиланди.