ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Пахта тайёрлаш пунктларига мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилди. Бу Президент имзолаган қарорда белгиланган.
Имтиёз пахта тайёрлаш фаолиятининг мавсумийлиги ҳисобга олинган ҳолда жорий этилди ва 2028 йил 1 январгача амал қилади.
Қарорга мувофиқ, енгил саноат корхоналарида 1 январдан бошлаб қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган, корхона эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини сотиш тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2029 йил 1 январга қадар:
тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулклари инвесторларга реализация қилишда ҚҚСдан озод қилинади;
тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкларини харид қилган инвесторларга ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ойда тўлиқ тиклаш шарти билан 1 йил муддатга мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади;
чарм-пойабзал, мўйначилик корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун назарда тутилган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар муддати узайтирилади.