ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарорига мувофиқ “Янги банк” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
Қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар самара бермагани, жумладан устав капиталининг қонунчиликда белгиланган энг кам талабга етказилмагани сабабли қабул қилинди.
Банк фаолиятини белгиланган тартибда тугатиш белгиланиб, тугатиш комиссияси тайинланди ва унга тегишли ваколатлар берилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мавжуд 32 526 нафар омонатчидан 32 153 нафарига кафолатланган омонат маблағлари тўлиқ қайтарилади. Қолган 373 нафар омонатчи бўйича маблағлар қонунчиликка мувофиқ тугатиш комиссияси қарори асосида қайтарилади. Омонатлар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади.
Маълум қилинишича, 2025 йил 1 январдан банклар устав капиталининг энг кам миқдори 500 миллиард сўм этиб белгиланган. Бироқ, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Янги банк” АЖ устав капитали 355 миллиард сўмни ташкил этган.
Марказий банк томонидан ушбу ҳолат юзасидан бир неча бор ёзма огоҳлантиришлар берилган бўлса-да, етарли амалий чоралар кўрилмаган. Устав капитали талабга мос келмаслиги, шунингдек айрим молиявий операцияларда белгиланган чекловларга риоя этилмагани жиддий қоидабузарлик сифатида баҳоланади.
Шу билан бирга, қонунчиликка кўра, банкнинг кетма-кет уч чорак давомида регулятив капиталининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўриши ёки зарар ҳажми регулятив капиталнинг 50 фоизидан ошиши лицензияни чақириб олиш учун асос ҳисобланади.