ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. 13 январь куни ҳавонинг ифлосланишини камайтириш мақсадида махсус комиссия томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани ва Сергели туманида жойлашган саноат зоналарида экологик рейдлар ўтказилди.
Сергели туманида В. Л. Галпарин номидаги Тошкент қувур заводи фаолияти текширилди. Корхона пайвандланган қувурлар ишлаб чиқаради ва атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат объектлари тоифасига киради.
Янгиҳаёт туманидаги Жанубий саноат зонасида эса Ўзвторцветмет АЖ корхонаси фаолияти ўрганилди. Ушбу объект ҳам экологик хавфи юқори корхоналар қаторига киради. Аввалроқ, 2025 йил октябрь ойида бу ерда текширув ўтказилиб, корхонага мажбурий кўрсатма берилган эди.
Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан берилган кўрсатмага мувофиқ, корхона Янгиҳаёт туманида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмоқда ва бошқа ҳудудга кўчирилмоқда. Янги жойда ишлаб чиқариш технологик жиҳатдан янада такомиллашган ускуналар асосида давом эттирилади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атмосферага қарийб 226,7 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олинди. Бу эса Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.
Шунингдек, Жанубий саноат зонасида Иккиламчи қора металлар корхонасининг Тошкент филиали ҳам текширилди. Текширувлар якунига кўра барча корхоналарга экологик меъёрларга қатъий риоя этиш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.