ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. Россия Давлат Думасининг молия бозори бўйича қўмитаси меҳнат муҳожирларига пул ўтказишни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда рад этишни тавсия қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларига чет элга пул ўтказиш фақат расман тасдиқланган иш ҳақи миқдори билан чекланиши керак эди.
Яъни, агар иш ҳақи расмий ҳужжатларда кам кўрсатилган бўлса, ундан ортиқ пулни хорижга юбориш тақиқланиши керак эди.
Қонун лойиҳаси муаллифлари бу орқали:
пул ўтказмаларини шаффоф қилиш,
мигрантлар даромадини “соя иқтисодиёти”дан чиқариш,
давлат бюджетига солиқ тушумларини ошириш мумкин, деб ҳисоблаган.
Бироқ, Дума қўмитаси бу таклифни самарасиз деб топди. Қўмита хулосасига кўра:
ким қанча пул ўтказаётганини ва у маошига тўғри келадими-йўқми — назорат қилиш механизми йўқ;
қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган;
амалда бу қонун қандай ишлаши аниқ ёзилмаган.
Россия ҳукумати ҳам ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламади. Вазирлар Маҳкамасига кўра:
даромаднинг қонунийлигини қандай тасдиқлаш,
декларацияни қандай топшириш,
маълумотларни ким ва қандай текшириши каби масалалар очиқ қолган.
Бундан ташқари, ҳукумат огоҳлантиришича, бундай чекловлар кутилган натижанинг аксини бериши мумкин. Хусусан:
муҳожирлар пулни расмий йўллар билан эмас, нақд равишда олиб чиқишга ўтиши эҳтимоли бор;
бу, айниқса, ЕОИИ мамлакатларига рублни божхона назоратисиз олиб чиқиш ҳажмини ошириши мумкин.