ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. 13 январь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари, Россияда аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг ҳарбий атташелари, экспертлар ва жамоат арбоблари, шунингдек, Россия оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
В Посольстве Узбекистана в Москве прошел брифинг в честь 34-летия ВС республики
© Посольство Узбекистана в Москве
Брифингда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиянинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгаргани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга қодир қудратли кучга айлангани қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчиликка асосланган ҳолда тинчликсевар, мослашувчан ва прагматик ҳарбий сиёсат олиб бораётгани таъкидланди.
В Посольстве Узбекистана в Москве прошел брифинг в честь 34-летия ВС республики
© Пресс-служба Посольства Узбекистана в Москве
Брифингда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар алоҳида қайд этилди. Россия томони вакилларига республикада ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш, шунингдек, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон – 2030 стратегиясини такомиллаштириш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, иштирокчиларга миллий армияда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик масалаларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.