Шавкат Мирзиёев ҳарбийларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади

Табрикда миллий армиянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган шароитлар ҳамда геосиёсий хавфлар шароитида мудофаа салоҳиятини кучайтириш вазифаларига эътибор қаратилди
Sputnik
ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва бутун халқни табриклади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Президент ўз мурожаатида юрт посбонларига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига чуқур таъзим қилди.
Шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришилаётган ютуқ ва марраларда Қуролли Кучларнинг муносиб ҳиссаси борлиги қайд этилди. Давлат раҳбари Ватанга фидойи ҳарбийлар билан халқ фахрланишини таъкидлаб, уларнинг ота-оналари ва оила аъзоларига миннатдорлик изҳор этди.
Табрикда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Қуролли Кучлар қудратини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бошқарув ва таъминот тизими такомиллаштирилиб, модернизация қилинаётгани таъкидланди. Шунингдек, шахсий таркиб тайёргарлиги юксалтирилиб, қўшинлар замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланаётгани қайд этилди.
Геосиёсий вазиятнинг мураккаблашаётганини инобатга олган ҳолда, келгусида жанг ва бошқарув усулларини замон талаблари асосида янгилаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи, жисмоний тайёргарлиги ва ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш устувор вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. Миллий армияни замонавий қурол-яроғ, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш ҳам доимий эътибор марказида бўлиши қайд этилди.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакиллари мукофотланди