Тошкентда Трамп устидан шикоят қилган эркак жаримага тортилди

Фуқаро АҚШ президенти Дональд Трамп Мадурони ўғирлагани бўйича Тошкент ИИББга қўнғироқ қилиб, уни жазога тортишни сўраган.
Sputnik
ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. Тошкентда Венесуэла президенти Николас Мадуро ўғирланиши бўйича АҚШ президенти Дональд Трамп устидан ИИББга шикоят қилган эркак 1,23 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири суд ҳукми нусхасига таяниб хабар берди.
Материалларда қайд этилишича, эркак маст ҳолатда Тошкент шаҳар ИИББга қўнғироқ қилиб, Дональд Трампга нисбатан аризани қабул қилишни сўраган. Ҳуқуқ-тартибот органлари унга энг яқин бўлимга келишни таклиф қилган, бироқ у шикоят билан келмаган.
"Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 199-моддасида (ихтисослаштирилган хизматларни қасддан ёлғон чақириш) назарда тутилган жазо — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (1,23 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлансин"- дейилади суд ҳукми матнида.
Суд мажлисида эркак ўз айбига иқрор бўлиб, маст бўлганини, мурожаатининг мазмунини эслай олмаслигини ҳамда ҳаракатларининг эҳтимолий оқибатларини англамаганини билдирган.
Мадуро қўлга олиниб АҚШга олиб кетилди — Трамп