ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. Украинада коррупцияга қарши курашиш органлари — Украина миллий аксилкоррупция бюроси (НАБУ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (САП) — мамлакат президенти Владимир Зеленскийнинг парламентдаги "Слуга народа" фракцияси раҳбари Давид Арахамия ҳамда "Батькившина" партияси етакчиси Юлия Тимошенко ҳузурига тинтув ўтказиш учун келган. Бу ҳақда Украинанинг "Обозреватель" нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур сиёсатчиларнинг парламент аъзолари билан боғлиқ фаолиятини текширмоқда. Айниқса, қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш жараёнида ноқонуний манфаат таклиф қилиш ҳолатлари асосий эътибор марказида экани айтилмоқда.
Шу билан бирга, депутат Алексей Гончаренко* ўзининг Telegram-каналида Тимошенко билан боғлиқ тинтувлар ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи айрим депутатлар билан уларни фракцияга пул эвазига қўшиш бўйича музокаралар ўтказган.
Сешанба куни эса коррупцияга қарши органлар қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш учун бошқа депутатларга ноқонуний манфаат таклиф этган қонун чиқарувчи аниқланганини маълум қилди.
Маълумот учун: Юлия Тимошенко 2005 йил 24 январдан 8 сентябргача, шунингдек, 2007 йил 18 декабрдан 2010 йил 3 мартгача Украина бош вазири лавозимида фаолият юритган.
*Алексей Гончаренко Россия Федерациясида террорист ва экстремистлар рўйхатига киритилган.