ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик доирасида 7 миллиондан ортиқ турар жой объектларининг аниқ GPS-координаталари белгиланди. Бу ҳақда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг расмий саҳифасида маълум қилинган.
Бу кенг кўламли тадбир Миллий статистика қўмитаси ташаббуси билан 2025 йил декабрь ойида республика бўйлаб жойига чиққан ҳолда амалга оширилди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур жараён оддий техник иш эмас, балки стратегик аҳамиятга эга ноёб лойиҳа ҳисобланади.
У аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни замонавий технологиялар асосида шаффоф, ишончли ва аниқ маълумотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
GPS-маълумотлар орқали қўмита рўйхатга олиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиш, солиштириш ва чуқур таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади.
Экспертлар фикрича, ушбу тадбир келгуси ўн йилликлар учун демографик ва ҳудудий режалаштиришда мустаҳкам пойдевор яратади.