ТОШКEНТ, 13 янв — Sputnik. АҚШ Конгрессига Дональд Трампга Гренландия оролини аннексия қилиш ёки уни сотиб олиш масаласида муайян ҳаракатларни амалга ошириш имконини берувчи қонун лойиҳаси киритилди.
Хабар қилинишича, Конгресс аъзоси Рэнди Файн томонидан тақдим этилган ҳужжатда Гренландияни аннексия қилиш ва унга АҚШ штати мақомини бериш масаласи кўтарилган. Бу ҳақда у тарқатган баёнотда айтилади.
Қонун лойиҳаси муаллифига кўра, мазкур ташаббус ташқи таҳдидлар фонида Вашингтоннинг Арктикадаги стратегик манфаатларини таъминлаш зарурати билан изоҳланади. Баёнотда Россия ва Хитойнинг минтақадаги фаолияти “кенгаяётгани” таъкидланган.
"Гренландияни назорат қилаётган томон Арктика денгиз йўллари ва АҚШ хавфсизлик архитектурасига таъсир кўрсатади. Америка бу ҳудуд келажагини хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган режимлар ихтиёрида қолдира олмайди", — дейилади Файн баёнотида.
Аввалроқ, Гренландия парламентидаги барча бешта партия етакчилари қўшма баёнот билан чиқиб, Вашингтоннинг ушбу масаладаги риторикасини қоралаган ва АҚШга қўшилиш ғоясига қарши эканини билдирган.
Шунингдек, Даниянинг АҚШдаги элчиси Йеспер Мёллер Сёренсен Копенгаген ва Вашингтон яқин иттифоқчилар эканини таъкидлаган. Европа Иттифоқи давлатлари эса январь ойида АҚШ томонидан эҳтимолий ҳаракатлар юз берган тақдирда қандай реакция билдириш мумкинлигини муҳокама қилган.
Маълумот учун, Гренландия Дания Қироллиги таркибига киради. У 1953 йилгача мустамлака бўлган, 2009 йилдан эса ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга автоном ҳудуд ҳисобланади.