ТОШКEНТ, 13 янв — Sputnik. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида полиция томонидан меҳмонхона (хостел) орқали мигрантларни оммавий равишда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди ва иш доирасида МДҲ давлатларидан бирининг фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, жиноятга алоқадор шахслар келганларни хостелда рўйхатдан ўтказган, аммо аслида улар ушбу манзилда яшамаган.
"Полициячилар жиноятчилар келганларни Моисеенко кўчасидаги хостелда оммавий равишда рўйхатдан ўтказганини аниқлади, бироқ аслида мигрантлар у ерда яшамаган. Шу тариқа назорат органларидан 1742 нафар хорижликнинг ҳақиқатда яшаш жойи яширилган", — дейилади хабарда.
Аниқлик киритилишича, МДҲ давлатларидан бирининг фуқароси ноқонуний миграцияни ташкил этишда гумонланиб қўлга олинган. Хостелда ўтказилган тинтув давомида меҳмонларнинг ҳужжатлари текширилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган материаллар олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг чет эл фуқароларини сохта рўйхатга олиш билан боғлиқ моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.