Биржада пропан нархларини асоссиз оширган 92 та корхонага монополияга қарши иш қўзғатилди

Пропан нархларини барқарорлаштириш чоралари натижасида биржада ўртача нархлар 18 фоизга пасайди. Нархларни сунъий ошириш аломатлари бўйича 92 та корхонага монополияга қарши ишлар қўзғатилди
Sputnik
ТОШКEНТ, 13 янв — Sputnik. Пропан нархларини барқарорлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида биржа савдоларида ўртача нархлар 9,3 миллион сўмдан 7,8 миллион сўмгача, яъни 18 фоизга пасайди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил ноябрь–декабрь ойлари ҳамда жорий йил январь ойида пропаннинг биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш ва маҳсулот ҳажмларини сунъий равишда савдоларга чиқармасликка қаратилган рақобатга зид, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари аниқланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан жами 92 та импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектга нисбатан белгиланган тартибда монополияга қарши ишлар қўзғатилди. Хусусан, улар:
Тошкент шаҳрида — 21 та,
Самарқанд вилоятида — 17 та,
Фарғона вилоятида — 13 та,
Хоразм вилоятида — 12 та,
Андижон вилоятида — 7 та,
Қорақалпоғистон Республикасида — 5 та,
Қашқадарё вилоятида — 5 та,
Сирдарё вилоятида — 4 та,
Наманган вилоятида — 4 та,
Бухоро вилоятида — 3 та,
Тошкент вилоятида — 1 тани ташкил этган.
Қайд этилишича, пропаннинг чакана нархлари асоссиз ошириб юборилишининг олдини олиш мақсадида ёқилғи қуйиш шохобчаларида доимий мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.
Рақобат қўмитаси мобил операторларнинг нархларни ошириш ҳолатларини ўрганишни бошлади