ТОШКEНТ, 13 янв — Sputnik. Украиналик ҳарбий асир Андрей Иванов Россия Қуролли кучлари назоратидаги Красноармейск (Покровск) шаҳрида пиар-акция ўтказишга уриниш ҳақида маълумот берди. Тегишли видеони Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилди.
Маълум қилинишича, Иванов Украина Қуролли кучлари томонидан юборилган уч гуруҳдан бирининг аъзоси бўлган. Уларнинг вазифаси Россия назоратидаги ҳудудда Украина байроғини илиб, шаҳар Украина армияси қўлида эканини видеога олишдан иборат бўлган.
"Биз Покровскка (Красноармейск — таҳр.) икки кишидан иборат уч гуруҳ бўлиб кирдик. Ҳар бир гуруҳда Украина байроғи ва фуқаролик кийимлари солинган рюкзак бор эди. Вазифа Украина байроғини илиб, Покровск Украина назоратида эканини кўрсатиш эди. Аммо режа амалга ошмади — устимизда дрон пайдо бўлди. Шундан сўнг қочишга мажбур бўлдик. Қочиш пайтида эса Россия қўшинлари жойлашган ҳудудга чиқиб қолдим", — деди асир.
У асир сифатида бошқа ҳарбийларга мурожаат қилиб, бундай пиар-акцияларда қатнашмасликка чақирди.
"Қуролдош биродарларимга айтмоқчиманки, бундай иш қилмаслик керак. Зеленский одамларни байроқ илиш ва Покровск Украина назоратида эканини кўрсатиш учун юборяпти. Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди", — деди у.
Эълон қилинган видеода Россия ҳарбийлари йўқ қилинган жангари рюкзагидан Украина байроғини олаётгани акс этган.