ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Қозоғистонда Бош давлат санитария врачининг қарори билан айрим қора чой маҳсулотларини олиб кириш ва сотишга нисбатан вақтинчалик санитария чоралари жорий этилди.
Тақиқ маҳсулотлар Қозоғистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек ЕОИИнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, озиқ-овқат қўшимчалари ва ароматизаторларга қўйиладиган талаблар ҳамда маркировкалаш бўйича техник регламентларига мувофиқ эмаслиги сабабли киритилган.
Айрим чой намуналари таркибида қўлланилиши тақиқланган озиқ-овқат бўёқлари аниқланган. Хусусан, қуйидаги бўёқлар қайд этилган:
сариқ “Қуёш ботиши” (E110),
тартразин (E102),
понсо 4R (E124).
Бундан ташқари, чой қадоқларида ишлаб чиқариш ва қадоқлаш манзиллари нотўғри кўрсатилган бўлиб, бу санитария-эпидемиология соҳасида фаолият юритиш учун зарур рухсатнома ҳужжатлари мавжуд эмаслигини кўрсатади.
Шу муносабат билан қуйидаги қора чой турларини олиб кириш ва сотиш тақиқланди:
“Апамның шәйі Premium Gold”, “Al-Hayat Gold”, “Balqiya Premium Gold” — ишлаб чиқарувчи: “Orda Trade Astana” МЧЖ;
“Sultan Suleyman”, “Pakistan Tea” — ишлаб чиқарувчи: “Real Trade Astana” МЧЖ;
“Balqiya Premium Gold” — ишлаб чиқарувчи: “Al-Hadiya” ХК;
“Aje Onim” — ишлаб чиқарувчи: “Orda Chay” ХК;
“Al-Hayat Gold” — ишлаб чиқарувчи: “Empire KENIY E.P.Z. Limited”;
“Al-Jannat Premium” — ишлаб чиқарувчи: “Ferdaus” ХК;
“Alfarah” — ишлаб чиқарувчиси қадоқда кўрсатилмаган.