ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Афғонистон тарихида илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида "Ўзбек тили ва адабиёти" факультетини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ўзбекистон ТИВ мурожаатига жавобан маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур мурожаат сўнгги кунларда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Афғонистонда ўзбек тили қўлланилиши чекланаяпти, деган хабарлар тарқалиши билан боғлиқ.
Афғонистон расмийлари ушбу маълумотлар асоссиз эканини таъкидлаб, мамлакат ҳудудида ўзбек тилидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай чеклов мавжуд эмаслигини билдирди.
Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу тартибга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб пушту, дарий ва инглиз тилларида берилади.
Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида акс эттирилиши белгиланган.