ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Украина элчиси Василий Зварич Чехия парламенти қуйи палатаси спикерининг янги йил мурожаатини танқид қилиб, дипломатик этикет қоидаларини бузган. Бу ҳақда Чехия бош вазири Андрей Бабиш маълум қилди.
"У, айтайлик, дипломатик этикет меъёрларини бузди. Унинг бизга ўргатадиган ҳеч нарсаси йўқ — у дипломат", — деди бош вазир.
Юзага келган вазиятга муносабат билдирган Чехия ташқи ишлар вазири Украина элчисининг мамлакатдаги учинчи олий конституциявий мансабдор шахс баёнотини оммавий равишда қоралаши ноўрин эканини таъкидлади. Чехия президенти Пётр Павел ҳам ушбу ҳолат юзасидан жиддий хавотир билдирган.
Вазият Чехия парламенти қуйи палатаси спикери Томио Окамуранинг ижтимоий тармоқлардаги янги йил табриги ортидан келиб чиқди. У ўз мурожаатида Чехия фуқаролари пулига қурол сотиб олиш ва уни "маъносиз урушни қўллаб-қувватлаш" учун юбориш мумкин эмаслигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, можародан Ғарб компаниялари ва ҳукуматлари, шунингдек, "Владимир Зеленский хунтаси атрофидаги, олтиндан ҳожатхоналар ўрнатаётган украиналик ўғрилар" фойда кўрмоқда.
Зварич, ўз навбатида, чех сиёсатчисининг Украинанинг демократик йўл билан сайланган раҳбариятига нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган баёнотларини танқид қилди ва уни лавозимидан четлаштирилишини истаётганига ишора қилиб, ҳокимият ҳамда жамоатчиликни унинг сўзлари юқори давлат мақомига қанчалик мос келишини баҳолашга чақирди.